Эронга қарши уруш АҚШ мудофаа саноати вольфрамга қанчалик боғлиқ эканини кўрсатди, ушбу металл бозорини эса Хитой назорат қилади, деб ёзмоқда Foreign Policy
Нашрнинг ёзишича, Яқин Шарқдаги можаро тўхтамаётган бир пайтда, таҳлилчилар ўқ-дорилар заҳиралари тез орада тугашидан огоҳлантирмоқда. Вольфрамсиз эса уларни тез фурсатда тўлдириш ёки осонлик билан алмаштиришнинг иложи йўқ. Бундан ташқари, можаро бошланганидан бери ушбу металл нархи 500 фоиздан кўпроққа кўтарилиб кетди.
"Биз ҳозирда таъминот занжирида вольфрам етишмаётганини кўряпмиз ва яқин келажакда бу тақчиллик қандай тўлдирилишини ҳеч ким аниқ билмайди", — деди Американинг Cove Capital инвестиция компанияси бошқарувчиси Пини Альтхаус.
Маълумотларга кўра, Cove Capital Қозоғистонда вольфрам қазиб олиш ва қайта ишлаш заводини қуришни режалаштирмоқда.
Дунё вольфрам бозорини Хитой назорат қилади, у металл ишлаб чиқариш, импорт ва истеъмол қилишда устунликка эга, АҚШ эса кўпроқ қайта ишлаш ва импорт билан шуғулланиб, ундан орқада қоляпти.
Қўшма Штатларда вольфрамни тижорий мақсадда қазиб олиш охирги марта ўн йилдан кўпроқ вақт олдин амалга оширилган. Вашингтон стратегик металларни тўплаб бормоқда, бироқ ушбу заҳираларнинг аниқ миқдори сир сақланади.