Қўшма Штатлар яқин ҳафталарда Эрондаги ядровий иншоотларга зарбалар беришни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда анонимлик шарти билан маълумот тақдим этган исроиллик сиёсатчилар ва ҳарбий хизматчиларга таяниб, The Daily Mail нашри хабар берди.
"Буни анча олдин қилиш керак эди. Бунга чек қўйиш вақти келди", деди нашрга Исроил ҳукуматидаги юқори мартабали манба.
"Бу ақлдан озган талаблар эмас. Бу Исроил ва бутун дунёда барқарорлик учун ниҳоятда муҳим", - дея қўшимча қилди у Эрон расмийларидан республика ядровий дастури бўйича музокараларни қайта бошлашни талаб қилган АҚШ президенти Дональд Трампнинг сўзларига изоҳ бераркан.
Нашр таъкидлаганидек, АҚШнинг Эронга ҳужумга тайёргарлигининг тасдиғи B2 Spirit стратегик бомбардимончи самолётларининг Ҳинд океанидаги Диего Гарсия оролидаги Америка-Британия ҳарбий базасига топширилиши бўлиши мумкин. Ҳозирда у ерда еттита шундай самолёт, шунингдек, танкер самолётлари мавжуд.