Вашингтон «Айн аль-Асад» ва «Виктория» базаларини кутилмаган ҳолда тарк этди
АҚШ Ироқда жойлашган «Айн аль-Асад» авиабазаси (Анбар вилояти) ва «Виктория» ҳарбий мажмуасидан ўз қўшинларини «кутилмаган» ва «олдиндан эълон қилинмаган» равишда чиқара бошлади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбийларининг бир қисми Ироқ Курдистон минтақасининг пойтахти Эрбилга кўчирилаётган бўлса, қолган қисми яқиндаги араб давлатига жойлаштирилмоқда. Бу давлат номи ошкор этилмаган.
Қўшинларни чиқариш АҚШ элчихонаси топшириғига асосан бир неча босқичда амалга оширилаётган бўлиб, бу АҚШ бошчилигидаги коалициянинг аввал келишилган чиқиш графигини тезлаштирмоқда. Ушбу коалиция 2014 йилда ташкил этилган эди.
Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданийнинг маслаҳатчиси Ҳусайн Аллавий 17 август куни баёнот бериб, Айн аль-Асад ва Бағдоддаги коалиция миссияси 2025 йил сентябрда тугаши кераклигини билдирган эди.
Манбаларга кўра, АҚШ Ироқ ҳукуматини коалициядан тезроқ чиқиш бўйича қарор ҳақида хабардор қилган ва Стратегик ҳамкорлик рамкавий келишувида белгиланган муддатлардан воз кечган.
Ироқ ҳукумати ҳозирча АҚШнинг бу қадамга нега бундай шошилинч равишда қўл ургани ва унинг ҳарбий ҳамкорликка қандай таъсир қилиши ҳақида изоҳ бермаган.
Айни пайтда Ироқда тахминан 2500 нафар америкалик ҳарбий хизматчи қолмоқда. АҚШ етакчилигидаги коалицияни босқичма-босқич чиқариш бўйича келишув 2024 йил сентябрда эришилган эди.