АҚШ Европа ҳудудида эҳтимолий можаро юзага келган тақдирда юборилиши мумкин бўлган ҳарбий ресурслар ҳажмини сезиларли даражада қисқартиришни режалаштирмоқда.
Bloomberg нашри манбаларга таяниб хабар беришича, Европа Иттифоқи мамлакатлари Вашингтон томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган ҳарбий ёрдам кескин камайишига тайёргарлик кўрмоқда.
Режада стратегик бомбардимончи самолётлар сонини 30 фоизга қисқартириш, разведка ва зарба берувчи дронларнинг 75–100 фоизини, ҳарбий-денгиз кучлари кемаларининг эса 50 фоизини камайтириш назарда тутилган. Шунингдек, қирувчи самолётлар сони ҳам учдан бир қисмга қисқартирилиши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Европа давлатлари ҳозир АҚШнинг тўғридан-тўғри ҳарбий кўмагисиз қитъа мудофаасини қандай таъминлаш мумкинлигини муҳокама қилмоқда.
Бу масала жума куни бўлиб ўтган «Европа бешлиги» мамлакатлари мудофаа вазирларининг йиғилишида ҳам кўриб чиқилган. Унда асосий эътибор АҚШ томонидан ажратиладиган ресурслар қисқарган тақдирда мавжуд қурол-яроғ ва техникалар ёрдамида бир хил ҳарбий мақсадларга эришиш имкониятларига қаратилган.