АҚШ Яқин Шарқдан ташқаридаги халқаро сувларда Теҳрон билан боғлиқ кемаларни мусодара қилишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри АҚШ расмийларига таяниб хабар бермоқда.
"Яқин кунларда АҚШ ҳарбийлари Эрон билан боғлиқ нефть танкерларига чиқишга ва халқаро сувларда савдо кемаларини мусодара қилишга тайёргарлик кўрмоқда, шу билан ўзининг денгиз операциясини Яқин Шарқдан ташқарига кенгайтирмоқда", дейилади мақолада.
Таъкидланишича, Вашингтоннинг Теҳронга иқтисодий босимни кучайтириш қарори Эронни Ҳормуз бўғозини қайта очишга ва икки томон ўртасидаги музокаралар мавзуси бўлган ядровий дастури бўйича ён беришларга мажбурлашга қаратилган.
Аввалроқ Эрон ҳарбий қўмондонлиги (Хатам ал-Анбиа) марказий штаби вакили Иброҳим Зулфағарий Эрон қуролли кучлари Ҳормуз бўғози устидан ҳарбий назоратни тиклаганини эълон қилган эди.