Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сергей Лавровнинг АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан суҳбатининг батафсил баёнотини эълон қилди.
Бироқ унда Украина уруши фақат битта жумлада тилга олинади: "Украина атрофидаги вазиятни тартибга солиш, Фаластин ва умуман Яқин Шарқдаги ҳамда бошқа минтақавий йўналишлардаги ҳолатлар бўйича ўзаро ҳамкорликка тайёрлик билдирилди".
Баёнотда асосан икки мамлакат президентларининг учрашувини ўтказишга тайёргарлик масаласи кўтарилгани айтилади.
Шу билан бирга, баёнотда санкциялар ҳақида анча батафсил маълумот берилган: "АҚШнинг аввалги маъмуриятидан мерос бўлиб қолган бир томонлама тўсиқларни олиб ташлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик йўлини очиш. Шунингдек, икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари фаолиятига қўйилган чекловлар ҳақида сўз юритилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу чекловлар президент Барак Обама маъмурияти даврида бошланганини алоҳида таъкидлаган.