АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг розилигисиз мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши мумкин эмас, деб баёнот берди. Бу ҳақда у Fox Radio радиостанциясига берган интервьюсида билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатларининг Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиши «маъносиз ва нотўғри қадам» ҳисобланади.
«Баъзиларни бу безовта қилади, лекин бу бефойда. Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ», — деди Рубио, Фаластинни тан олган Ғарб давлатлари ва бу жараёнга АҚШнинг муносабати ҳақида изоҳ берар экан.
Рубионинг бу баёноти халқаро майдонда Фаластинни тан олиш масаласидаги тортишувларни янада кучайтириши мумкин. Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда бир қатор Европа давлатлари Фаластинни расман тан олганини эълон қилган эди.