АҚШ президенти Дональд Трамп бутун дунё бўйлаб ядровий қуроллар сонини янада қисқартириш тарафдори бўлиб қолмоқда.
Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг Қуролларни назорат қилиш ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Томас Динанно маълум қилди.
"Президентнинг позицияси шундаки, у дунёда ядровий қуроллар сонини камайтиришни хоҳлайди. Бу яхши бошланғич нуқта", деди америкалик дипломат.
Динанно шунингдек, Стратегик ҳужумкор қуролларни янада қисқартириш ва чеклаш чоралари тўғрисидаги АҚШ-Россия шартномаси самарасиз бўлиб, фақат АҚШни чеклаганини таъкидлади.
"Унинг амал қилиш муддати тугаши янги даврни очди, бу бизга Президент Трампнинг такомиллаштирилган ва модернизация қилинган келишувни ишлаб чиқиш ҳақидаги тасаввурини амалга ошириш имконини берди", деди у. Динаннонинг сўзларига кўра, СТАРТ шартномаси Москвага Вашингтонга нисбатан ассиметрик устунлик берди.