2025 йил 1 июль куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида жиноят содир этилди. “Юксалиш” маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Абдувалиев Абдурасул Қаҳҳорович “102” рақамига келиб тушган мурожаат бўйича воқеа жойига етиб борган.
Маълум бўлишича, ушбу маҳалладаги хонадонлардан бирида 65 ёшли Холбозоров Юнусали Тумарович маст ҳолда ўз оила аъзоларига пичоқ билан таҳдид қилган. Унга нисбатан чора кўриш жараёнида у профилактика инспекторининг кўкрак қисмидан пичоқ билан уриб, оғир тан жароҳати етказган. Тез тиббий ёрдамга қарамай, Абдувалиев шифохонага олиб кетаётганда вафот этган.
Марҳумнинг жаноаза маросимида Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги раҳбарияти иштирок этди. Диний маросимлар билан бир қаторда, ҳарбий анъаналар асосида уруш қуроли билан олов берилди ва давлат мадҳияси янгради.
Гумондор юзини яшириб, воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳозирда уни қўлга олиш учун тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “г” банди (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига нисбатан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
‼️ Ички ишлар вазирлиги фуқаролардан ушбу шахс ҳақида маълумотга эга бўлсалар, яқин орадаги ички ишлар органларига ёки “102” қисқа рақамига мурожаат қилишни сўрайди. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади.