Андижон вилоятида ўн кишини ҳажга жўнатиш учун 50 минг доллар олган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Тадбир доирасида Андижон вилояти ИИБ тезкор қидирув хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида ҳаж зиёратига юбориш эвазига 10 нафар фуқародан 50 минг долларни олаётган шахс қўлга олинди.
1966 йилда туғилган шахс ўзгалар мулкини алдаш ва суиистеъмол қилиш мақсадида ўн кишининг ҳар биридан беш минг доллардан олган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов олиб борилмоқда.