Суд қарори билан фуқароларнинг турар-жойдан кўчирилиши таъминланган.
Интернет ижтимоий тармоғида Булоқбоши тумани, “Қумгузар” маҳалласи, Чаманзор кўчасида яшовчи 9 нафар фуқаро суд қарорисиз МИБ ходимлари томонидан уйдан кўчирилганлиги ҳақида хабар эълон қилинган.
Ушбу мурожаат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг суд буйруғига асосан жавобгарлар Н.Эркинова ва бошқаларни Булоқбоши тумани, “Қумгузар” МФЙ, Чаманзор кўчаси 108-уйдан ўзларига тегишли буюмлари билан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида Андижон вилояти судининг 31.01.2025 йилдаги ажримига асосан ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган. Суднинг 05.03.2025 йилдаги ажримига асосан ижро ҳаракатлари давом эттирилиши кўрсатиб ўтилган.
Муқаддам, икки маротаба мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланган бўлиб, қарздор О.Юсуповнинг ёзма илтимосномасига кўра қолдирилган.
Ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида, 01.10.2025 йил санасига ижро ҳаракатлари тайинланган, бироқ, тегишли ташкилотлар вакиллари тўлиқ иштирок этмаганлиги сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари 02.10.2025 йилга қолдирилган ва бу тўғрисида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг 2 октябрь куни мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилиб, ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилдан 9 нафар фуқаронинг кўчирилиши таъминланган.
Бундан ташқари, ҳозирда хабарда келтирилган ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.