Самарқанд вилоятида айрим фуқаролар томонидан қабристон ҳудудларининг ноқонуний равишда эгалланиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, “Ҳазора” ва “Ҳунармандлар” маҳаллаларида жойлашган қабристонларда айрим шахслар ўзларига жой ажратиб, белгилаб қўйган ва ҳатто тўсиқлар ўрнатган. Ушбу ҳолат юзасидан аҳолидан бир нечта норозилик мурожаатлари келиб тушган.
“Қабристон — умумхалқ мулки. Уни ҳеч ким шахсийлаштира олмайди. Бундай ҳаракатлар на қонун, на инсоний қадриятларга мос келади”, — дейилади ҳокимлик баёнотида.
Тегишли идоралар томонидан ўрганиш ўтказилиб, ноқонуний ўрнатилган тўсиқлар олиб ташланди ҳамда қабристон ҳудудида тартиб тикланди.
Расмийларга кўра, мазкур масала тўлиқ ҳал этилгандан сўнг қўшимча маълумот эълон қилинади.