Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳамда туризм соҳаси вакиллари иштирокида Андижон вилоятига амалий ташриф амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбарининг топшириғига асосан амалга оширилган ташриф давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ошириш, янги туризм йўналишлари ва замонавий локацияларни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш бўйича қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ташриф давомида Андижон вилояти ҳокимлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда 80 дан ортиқ тадбиркорлар, жумладан туроператорлар, меҳмонхона ва ресторан бизнеси вакиллари, транспорт хизматлари кўрсатувчи корхоналар, дам олиш масканлари раҳбарлари ҳамда маданий муассасалар вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Очиқ мулоқот жараёнида Андижон вилоятида 2025-йилда амалга оширилган лойиҳалар ва эришилган натижалар тақдим этилди, шунингдек, 2026-йилга мўлжалланган устувор вазифалар, жумладан, ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туризм йўналишлари ва маҳсулотларини яратиш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини ошириш, шунингдек, соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида Андижон вилояти бўйича туризмни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларнинг манзилли режалари шакллантирилди.