Бу мақом таом номи ва уни тайёрлаш анъаналарини ҳуқуқий ҳимоя қилиш имконини беради.
«Андижон девзира оши» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти хабар берди.
Қайд этишича, мазкур ош тури асрлар давомида шаклланган ошпазлик анъаналари, ўзига хос тайёрлаш усули ва бетакрор таъми билан ажралиб туради. Таом асосан Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур девзира гуручи асосида тайёрланади.
Девзира гуручи қизғиш тусли, зич ва сифатли доналари билан машҳур бўлиб, ошга хос таъм, хушбўйлик ва дона-дона кўриниш бағишлайди. Шу жиҳатлари «Андижон девзира оши»ни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида тайёрланадиган ош турларидан фарқлайди.
Географик кўрсаткич мақомининг берилиши маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш ва унинг сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу мақом анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш имконини яратади.