Аввал хабар қилинганидек, 8 август куни Соғлиқни сақлаш вазири Амирулло Иноятов бошчилигида ўтган танқидий йиғилишда тиббиёт соҳасидаги камчиликлар сабаб қатор раҳбарлар ишдан олинди, яна бир нечтасига ҳайфсан ва жарималар берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда тиббиёт институтидаги коррупцион ҳолатлар танқид остига олиниб, олий ўқув юрти масъулларига бу борада жиддий эътирозлар билдирилган. Шу билан бирга, олийгоҳнинг 5 нафар масъул ходими ишдан бўшатилган.
Жумладан, институт бош ҳисобчиси А.Рахмонов, Кадрлар бўлими бошлиғи Д.Назарова, Режа-молия бўлими бошлиғи А.Ахмедова, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Х.Алиев ва Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Қ.Юсуповлар фаолиятида жиддий камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Шунингдек, институт ректори М.Мадазимовни “коррупцион ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлувчи ҳолат ва шарт-шароитларни бартараф этишда қатъиятсизлик кўрсатгани ва коррупцияга оид жиноят содир этилишига йўл қўйгани сабабли” лавозимидан озод этиш тўғрисида таклиф тайёрлаш белгиланган.