Руминиянинг Васлуй шаҳар судида расман ўлими тасдиқланган бир одамнинг тириклигини исботлаш иши кўрилди. Гарчи 63 ёшли Константин Релиу соғ-саломат юрган бўлса ҳам уни қариндошлари аллақачон ўлдига чиқаришган.
Маълум бўлишича, Релиу 26 йил Туркияда яшаб, оиласи билан мулоқот қилмаган. Икки йил аввал хотини унинг ўлгани ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштирган.
Яқинда депорт бўлиб юртига қайтиб келган эркак энди Руминияда хотиржам яшай олмаслигини тушуниб етди. Чунки у ҳужжатларда ўлган эди.
Бундан жаҳли чиққан эркак ўзининг сохта ўлими туфайли ишга жойлаша олмаётганидан шикоят қилиб судга мурожаат қилди.
Бироқ у судя қаршисида ҳам ўз тириклигини исботлай олмади. Энди у апелляция беришни кўзлаб юрибди.
"Adevarul" газетаси