Ёхуд “китобдаги маълумотларни ўқувчилар тушуниб етиши, ёш физиологияси ва психологиясидан келиб чиқиб тўғри келмайди”.
(Аслида, бу хабарни эшитганимга ўн кунча бўлди. Бирданига эълон қилишга журъатим етмади. Муҳокамада турган икки китоб: “Ҳазрат Соҳибқирон” ва “Соҳибқирон абадияти” асарлари билан танишиб чиқдим. Ушбу китобларда Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийдар тарихи бўйича кўплаб янги ва тўғри маълумотларни учратдим...)
Худди шундай, республика Халқ таълими вазирлиги Таълим маркази илмий-методик кенгаши яқинда шундай қарор қабул қилди. Гап мана бундай бўлганди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳаким Сатторий 2016 йил “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Ҳазрат Соҳибқирон” ва “Соҳибқирон абадияти” китобларини мактаб ўқувчиларига мўлжаллаб ихчамлаштирилган нусхаларини Таълим марказига топширганди. Ўрнатилган тартиб бўйича, марказнинг илмий-методик кенгаши хулосасига кўра китоблар ўқувчиларга қўшимча адабиёт сифатида тавсия этилар экан. Хуллас, марказ икки китобни қарийб олти ой ўрганишдан кейин юқоридаги хулосага келган. Энг ажабланарли томони – худди шу муассаса 2009 йилги хулосасида китобнинг бир қисми юзасидан маълумотлар “ўқувчиларга қизиқарли ҳолда келтирилган”. “Ушбу китобнинг яна бир ижобий жиҳати шундаки, у бадиий бўрттирмалардан холи ва унда тарихий манбаларга таянган ҳолда миллий қаҳрамонларимизга муносабат билдирилган. Темурийлар ва уларнинг фаолиятига бағишланган эсселар ўқувчи учун ниҳоятда қизиқарлидир”. Хуллас, ундан “умумий ўрта таълим муассаларида ҳам ўқувчилар, ҳам ўқитувчилар қўшимча адабиёт сифатида фойдаланиши мумкин” (тақризчи: бўлим бошлиғи А.Замонов) тарзида фикр билдирган эди.
Масаланинг маънавий томонига эътибор берадиган бўлсак, Соҳибқирон Амир Темурнинг халқимизга қайтарилиши мустақилликнинг энг улкан ютуқларидан бири ҳисобланмоқда. Ахир неча асрлар давомида дунё аҳли улуғлаб келган буюк аждодимиз биздан пана қилиб келинди. Шунингдек, халқаро экспертлар Темур ва Темурийларнинг дунё тамаддунига қўшган ижобий ҳиссасини аллақачон тан олган. Қолаверса, бугунги кунда ўқувчилар, ҳаттоки, “китобдаги маълумотларни ўқувчилар тушуниб етиши, ёш физиологияси ва психологиясидан келиб чиқиб тўғри келмайди” деб хулоса берган Тошкент давлат университети тарих факультети ўқитувчиси, доцент О.Раҳматуллаева шу шонли ўтмишдан тўлиқ хабардорми? “Ёшига тўғри келмайди” деган гап ғоятда ачинарли эмасми? Ахир Алишер Навоий тўрт ёшида “Мантиқ ут-тайр” сингари мураккаб асарни тушунган-ку. Моцарт уч ёшида симфония ёзган экан. Бобур 12 ёшида ота тахтини бошқарган. Узоққа бориб ўтирмайлик, бугунги ўқувчиларнинг тенгдоши Нодирбек Абдусатторов 13 ёшида, Жавоҳир Синдаров 12 ёшида шахмат бўйича халқаро гроссмейстер бўлди-ку.
Ҳаким Сатторийнинг икки жилдли асари Вазирлар Маҳкамасининг баёни асосида иккинчи марта нашр этилган. китоблар ҳақида турли даврий нашрларда ижобий тақризлар эълон қилинган. Уларда мавзу хронология асосида тушунарли услубда ёритилган. Темурийлар ҳақидаги маълумотлар шажара асосида ихчам ва аниқ баён қилинган. Наҳотки, бизнинг ўқувчиларимизга ўз аждодлари ҳақидаги қимматли маълумотлар “ёш физиологияси”га тўғри келмаса? Умуман, фарзандларимизга қандай китоблар тавсия қилинади?
Ўша баённомада халқ таълими вазирининг 191-буйруғида 8-9 синфларнинг тарих дарсликларида “ватанпарварликка ундайдиган давр қаҳрамонлари кам ёритилганлиги” таъкидлаб ўтилгани қайд этилган. Албатта, яна бир марта Халқ таълими вазирлиги Таълим марказининг юқоридаги хулосасига ўзининг ватанпарварона, холис муносабатини билдиришини кутиб қоламиз.
Manba: uza.uz