АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада Америка хусусий ҳарбий компанияларини (ЧВК) жалб этиш имконини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри Ғарб ҳукуматларидаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Манбаларга кўра, мазкур компаниялар Украина ҳудудида ҳарбий базалар ва мустаҳкам иншоотлар қуриш, шунингдек, Америка компаниялари ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Бу ғоя Трампнинг аввалги ваъдаси — Украинага АҚШнинг мунтазам қўшинларини юбормаслик — билан мувофиқ келади ва маълум бир "мувозанатли ечим" сифатида кўрилаётир.
Европа расмийларининг фикрича, ЧВКларнинг Украинадаги иштироки "Америка изи" сифатида қаралади ва Россия президенти Владимир Путин учун тийилиш омили бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Белый дом учун эса бу сиёсий мувозанатни сақлаш имконини беради. Чунки MAGA ҳаракати (Трампни қўлловчи кучли қанот) Америка армиясининг чет элдаги ҳарбий иштирокига қарши. Шу билан бирга, Трамп иттифоқчиларини ташлаб қўймаётганини кўрсатиши мумкин.
The Telegraph таъкидлашича, АҚШ ҳозирча ўз ҳарбийларини юборишга тайёр эмас, лекин Киевга қуйидаги йўналишларда ёрдам беришда давом этади:
ҳарбий юк ташиш ва логистика;
HIMARS, Patriot, ERAM ракета тизимлари;
сунъий йўлдош орқали разведка;
халқаро миссияни мувофиқлаштириш учун америкалик генерал тайинланиши мумкин (НАТОнинг амалдаги қўмондони Алексус Гринкевич номзод сифатида тилга олинмоқда).
Шунингдек, АҚШ ва Украина ўртасида имзоланган қазилма бойликлар ва ноёб ер металларига оид келишувлар фонида ЧВКлар орқали “американча манфаатларни ҳимоя қилиш” мақсади ҳам кўзланмоқда.
Бу усул Ироқ ва Афғонистонда қўлланган тажрибага ўхшайди, у ерда ЧВКлар ҳарбий иншоотлар қурган ва уларни муҳофаза қилган.