Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Аллоҳнинг суйган бандаларидан бўлиш учун У суйган нарсаларни қилиш керак

Аллоҳнинг суйган бандаларидан бўлиш учун У суйган нарсаларни қилиш керак

«Хоҳлайман» деб айтадиган нарсаларимизни аслида ҳақиқий хоҳиш-истак ила хоҳламаймиз, ҳолатимизга розимиз. Ўзимизни эшитиб кўрсак, хоҳиш бор эмиш, ҳиммат йўқ эмиш. Хоҳиш ҳақиқий бўлса, ҳиммат бўлади-да. Намоз ўқишни хоҳлаймиз, бошлай олмаймиз. Ароқ, сигарет, нос кабилар истеъмолидан воз кечишни хоҳлаймиз, уддалай олмаймиз. Ҳаромга назар солишдан тийилишни хоҳлаймиз, бу ҳам бўлмайди ва ҳоказо. Нимага? Хоҳиш йўқ, хақиқий хоҳиш йўқ. Биз ўзимиз «Хоҳлайман» деб айтадигандан бошқа хоҳиш йўқ. «Мен фалон ишни қилиш ёки қилмаслик ҳақида ўйлаб кўрдим. Бу яхшига ўхшаяпти. Лекин буни қачон бошлаш ҳақида ўйлаб кўрмадим. Хозирча буни бошлашга хоҳишим йўқ», деб айтиш ўрнига «Хоҳлаяпман, ҳеч бўлмаяпти», деб айтганимиздаги хоҳишдан ўзга хоҳиш йўқ. Ҳақиқий бўлганда ҳам бироздан кейин нафсимизнинг розилиги учун у хоҳлаётган нарсага алмаштириб юборадиганимиздан бошқа хоҳиш йўқ.

Ҳақиқий ва собит, фақат ва фақат Аллоҳнинг розилиги учун фалон ишни қилиш ёки қилмасликни қасд қилишга олиб борадиган хоҳиш йўқ. Нимага йўқ? Чунки биз ўзимизга муҳаббатлимиз. Ўзимизни яхши кўрамиз, нафсимизни машаққатга қўйгимиз келмайди. Аслида, бу муҳаббат ҳам сохта. Ўзини ҳақиқий яхши кўрган киши ўзига энг афзал нарсани раво кўрган бўларди. Энг афзали Аллоҳнинг маҳбуб бандаларидан бўлиш эди, биз буни танламадик. Аллоҳнинг суйган бандаларидан бўлиш учун у суйган нарсаларни қилишимиз керак эди, буни қилмадик. Нафсимизга муҳаббатимиз кучлилик қилди, хоҳишлар у томон кетди, биз уни яширамиз. Лекин ҳақиқий ва собит бўлмаган хоҳишлар тилимиздан чиқаверади, зоҳир қиламиз.

Аллоҳнинг розилигини нафсимизнинг розилигидан устун қила оладиган, бизни «Хоҳлайман, бўлмаяпти»дан нарига ўтказадиган иймонга, заиф бўлган иймонимизни қувватлантиришга муҳтожмиз. Иймоннинг қуввати бўлган, амалга ундайдиган, «Хоҳлайман» деб қила олмаётган нарсамизнинг аҳамиятини билдирадиган илмга муҳтожмиз. Амалга ундайдигани ва унда собит қолишга ёрдам берадиганига. Амалга ундовчи воситаларнинг каттаси бўлмиш ўлимни доимий ёд этиш билан қувватланганига. Динсиз ҳам тан олиб «Ҳа, ўлиб кетаман, роҳатланиб яшаб қолай» деб унинг сабабидан нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ лаззатланиб қолишга чоғланадигани билан эмас, у содир бўлганда Аллоҳга рўбарў бўлиниши англаниб, кўпроқ хайрли амалларни қилиб қолишга чорлайдиган ўлимнинг ёди билан қувватланганига. Илмнинг шундайига муҳтожмиз. Шундай илм билан қувватланган иймонга муҳтожмиз. Ана шу ҳақиқий иймон ва у бизни нафсимизнинг хоҳиш-истакларидан қайтариб, Аллоҳ хоҳлаган нарсага таслим бўлишимизга, Роббимиз буюрган амалларни ҳақиқий хоҳиш ила хоҳлаб, амал қилишга ўтишимизга ёрдам беради.

Ҳа, иймонга ҳам қувват керак, иймоннинг қуввати бўлган илмга ҳам қувват керак. Илмнинг қуввати амал билан. Ўлимнинг доимий ёди эса амал учун ҳимматни жалб қилувчи, фоний дунёга алданиб қолишдан қайтариб, абадий саодатга элтувчи Боқий Зотнинг розилиги учун нафснинг ўткинчи роҳатини ўйлашдан тийиб қўювчи воситадир.

Ҳар лаҳзаси ўлим учун тайёргарлик бўлган, вақти келиб у ҳам тобутда ётиши, қабрга кириши, устига тупроқ тортилишини, сўнгра қоронғу ер остида ёлғиз қолдириб ташлаб кетилишини, ҳаётлигида қилиб ўтган амалларигина унга ҳамроҳ бўлиши ва улардан хайрлилари қабрини ёритишини, аксинча бўлганлари эса уни янада зулматларда қолдириши мумкинлигини доимий ҳис қилиб, ушбуларни мудом кўз олдида тутиб, шунга кўра яшаган, охират ҳисоб-китобидан олдин ўзини доимо тергаб турувчи бўлганларимизгина ҳақиқий бахт соҳибларимиз. Ҳа, ҳар тонг ўз нафси билан кунини хайрли амаллар ила безашга, яхшиликка юриб, ёмонликдан қайтишга, Аллоҳга тоатда бўлиб, Унга итоатсизликдан четда бўлишга келишиб олиб, бунда Роббидан ёрдам сўраган ҳолида кунини бошлайдиган ва кечга бориб бунга қай даражада амал қилганининг ҳисобини қиладиганларимиз охират саодатига етишамиз. Ўлимни мудом ёдида тутувчи, ундан кейинги ҳисобни ундан олдин қилувчи бўлганларимиз ютамиз, иншаАллоҳ.

Ўлим барча одам тан оладиган энг катта ҳақиқатдир. Нақадар катта ва оддий ҳақиқат. Уни унутиш ва унга тайёргарлик кўришдан маҳрум бўлиш, унинг ҳақиқатини англамаслик катта хато бўлган оддий ҳақиқат. У шундай ҳақиқатки, кўз ўнгимизда доимий содир бўлаверганидан ҳеч ажабланмайдиган оддий бир ҳолга айланиб қолган. Аслида у мусофирликдан муқимликка, фонийликдан боқийликка, имтиҳондан натижага ўтиш эди. Мусофирликда намозни сафар озуқаси қилиб олсак, хайр ила муқимликка ўтамиз. Фоний дунёда хамр ичмасак, боқий дунёда яхши нарсаларни ичамиз. Ҳаромга дуч келмаслик ҳаракатини қилсак, унга рўбарў келганда бир кун Аллоҳга рўбарў келишимизни ўйлаб ундан қочсак, имтиҳонни яхши натижага топширган бўламиз ва ҳоказо.

Охунжон Охунов

Manba: islom.uz

Киритилди: 22:16 12.09.2019. Ўқилди: 3506 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!