Венгрия Европа Иттифоқининг икки мингдан ортиқ россияликларга нисбатан санкцияларни олти ойга узайтириш қарорини қўллаб-қувватлашга рози бўлди, деб хабар берди Bloomberg.
Таъкидланишича, Венгрия санкцияларни узайтирмаслик билан таҳдид қилиб, 8 нафар россиялик, жумладан тадбиркорлар Михаил Фридман ва Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб этди.
Bloomberg маълумотларига кўра, Венгрия охир-оқибат 3 нафар россияликни санкциялардан озод қилинишига муваффақ бўлган. Агентлик россияликларнинг исмини келтирмади, бироқ улар орасида Фридман йўқлигини таъкидлади.
«Система» Европа Иттифоқининг дипломатик доираларидаги манбаларига таяниб, қуйидаги шахслар санкциялар рўйхатидан чиқарилганини маълум қилди:
- Гулбаҳор Исмоилова Алишер Усмоновнинг синглиси бўлиб, тахминларга кўра, унинг хориждаги активларининг бир қисмига эгалик қилади;
- Михаил Дегтярев - Россия Федерацияси спорт вазири, Давлат Думасининг собиқ депутати;
- Вячеслав Моше Кантор - бизнесмен ва Европа яҳудийлари конгрессининг собиқ раҳбари.
Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги «Система» журналистларининг сўровига жавоб бермади.
Венгрия расмийлари Брюсселдан имтиёзлар талаб қилиб, Россияга қарши Европа Иттифоқи санкцияларини узайтиришга вето қўйиш билан бир неча бор таҳдид қилган. Бироқ, ҳар сафар Венгрия расмийлари санкцияларни узайтиришни қўллаб-қувватлаган.