Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, Россиянинг энг бой одамларининг бойлиги 2025 йилнинг биринчи чорагида деярли $15 млрдга ошиб, $305 млрдга етган.
Россиялик миллиардерлар орасида даромаднинг энг катта ўсишини Алишер Усмонов кўрсатди. USM холдинги асосчиси $3,64 млрдга бойиди. Ҳозир унинг капитали $16,9 млрдни ташкил этади.
Бундай миқдордаги активлари билан Усмонов сайёранинг энг бой одамлари рейтингида 129-ўринни эгаллаб турибди.
Ўсиш бўйича иккинчи ўринда Еврохим ва СУЭК компаниялари ҳаммуассиси Андрей Мелниченко турибди. Унинг капитали $2,52 млрдга ошиб, $22,7 млрдга етди ва 88-ўринга чиққан.
Доғистонлик сенатор Сулаймон Каримов эса $2,45 млрд фойда кўрган ва ҳозирда 311-ўринда турибди. Россиядаги энг бой миллиардер — Норникелънинг энг йирик акционери ва Интеррос холдинги президенти Владимир Потанин ҳам $2,2 млрдга бойиб, 57-ўринга кўтарилган.
НКМК директорлар кенгаши раиси Владимир Лисин эса, аксинча, россиялик миллиардерлар орасида энг кўп зарар кўрди. Йил бошида у $2,3 млрд йўқотди. Ҳозирда унинг капитали $23,5 млрдга тенг.
Рўйхатга дунёдаги энг бой 500 киши киритилган. Рейтингнинг биринчи ўнталигидаги барча вакиллар, бир киши мустасно, АҚШ фуқароларидир. Франциялик Бернар Арно еттинчи ўринни эгаллаган.
Глобал рейтингда етакчилик $332 млрд (- $1,17 млрд) бойлиги билан америкалик миллиардер Илон Маскга тегишли. Кучли учликдан $212 млрд (+ $5,31 млрд) билан Жефф Безос ва $203 млрд (+ $7,96 млрд) бойлик билан Марк Сукерберг жой олди.