Бутун умрини табиатга бағишлаган фидоий инсон, жонкуяр эколог Александр Федин Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Ўрмон агентлиги ҳузуридаги Сурхондарё вилояти кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигига ишга олинди. Шунингдек, унга намунали турар-жой қуриб берилди ва уйда барча қулай шароитлар яратилмоқда. Бу ҳақда Александр Федин борасидаги сўровимизга жавобан Экология миллий қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Александр Федин яратган боғ ҳудуди олиб қўйилганлиги, у кўчада қолганлиги ва саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат ўрганилиб, Фединга замонавий турар-жой қуриб берилиши, у қўмита тизимига ишга олиниши ҳамда Федин томонидан яратилган боғ Дендрология боғига айлантирилиши маълум қилинди. Экология қўмитаси матбуот хизматига кўра, айни дамда бу борада керакли ишлар амалга оширилмоқда.
Александр Федин 1989-йилдан буён чўл бағрида меҳнат қилиб, 84 гектарлик яшил маскан барпо этган. Бугунги кунда ушбу масканда 500 га яқин дарахт ва бута турлари, ноёб ҳайвонлар ҳамда "Қизил китоб"га киритилган ўсимлик ва жониворлар яшайди. Маҳаллий аҳоли орасида "Саша ака" номи билан танилган Федин йиллар давомида табиатни асраш ва кўкаламзорлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Александр Фединнинг фидоийлиги, жонкуярлиги ҳар қанча эътирофга лойиқ. Шунинг учун ҳам у Экология миллий қўмитаси томонидан 2023 йилда "Табиат ҳимоячиси" кўкрак нишони, 2025 йилда эса Қўмита тавсиясига кўра "Дўстлик" ордени билан тақдирланган. Бундан кейин ҳам Федин доимий эътироф этиб борилади.
Экология миллий қўмитаси матбуот хизматига кўра, Федин умрини бағишлаган ўрмонзор Дендрология боғи сифатида давлат муҳофазасига олиниб, жамоатчилик учун очиқ экологик маскан ва илмий тадқиқотлар олиб бориладиган ноёб ҳудуд сифатида ривожлантирилади. Шу тариқа, бир инсоннинг 34 йиллик фидойилиги нафақат эътироф этилди, балки унинг яратган яшил мероси ҳам келажак авлодлар учун асраб қолинади.