Малумки, сўнгги пайтларда концерт-томоша соҳасида артистнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, концерт тадбирларида репертуаридаги савиявиз ва ноўрин қўшиқлар куйлагани, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилувчи ҳолатларга йўл қўйгани учун айрим ижодкорлар ижтимоий тармоқлар орқали томошабинлар ва санъат мухлисларининг ҳақли эътирозларига ҳамда муҳокамаларига сабаб бўлишмоқда.
Жумладан, актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидова «Миллион» ижодий жамоаси концерт дастурида ташкилотчиларнинг эътирозига қарамай, очиқ либосда саҳна кўринишини тақдим этган. Бу ҳаракати билан у концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензия талаб ва шартларини бузган.
Шу боис «Ўзбекконсерт» давлат муассасаси масъул ходимлари томонидан актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидова билан суҳбат ўтказилиб, бундан буён лицензия талаб ва шартларига риоя қилиши, агарда шу каби ҳолат яна такрорланадиган бўлса, унда қонуний чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, бу борада «Миллион» ижодий жамоаси раҳбари Д.Кабулов билан ҳам суҳбат ўтказилиб, жамоанинг кейинги дастурларига актриса Н.Ҳамидовани жалб этмаслик масаласи кўриб чиқилганини маълум қиламиз.