Ҳужжатлар бир ой давомида қабул қилинади. Абитуриентлар аввалгидек бир вақтнинг ўзида учта академик лицейга ҳужжат топширишлари мумкин.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилишича, 10 июндан бошлаб 2026/2027 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларидан академик лицейларга қабул бўйича ҳужжатлар онлайн тарзда my.edu.uz портали орқали қабул қилинмоқда.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар ID-карта ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома маълумотларини киритишлари, шунингдек, 3,5х4,5 см ўлчамдаги бир дона рангли фотосурат ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг PDF ёки JPEG форматдаги нусхасини юклашлари лозим.
Шунингдек, мавжуд бўлган тақдирда, қабулда имтиёз берувчи ҳужжатларни ҳам тақдим этиш мумкин:
— фан олимпиадаси ғолиби дипломи; — хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатлар.
Ариза топшириш жараёнида абитуриент бир йўналиш бўйича (таълим тили бир хил бўлиши шарт) учтагача академик лицейни танлаши, шунингдек, кириш тестини қайси хорижий тилдан топширишини кўрсатиши мумкин.
Кириш тестлари абитуриент танлаган ҳудудда ўтказилади.
Ҳужжатлар 10 июль кунини ҳам қўшган ҳолда қабул қилинади.
Қабул квоталари ҳамда тест топшириқлари сони ва баҳолаш мезонлари билан тегишли расмий манбалар орқали танишиш мумкин.