Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Реимбурсация дастурига киритилган касалликлар ва уларни даволашда бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди. Ҳужжат 2027 йил 1 январдан кейин кучга киради.
Рўйхат Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан келишилган бўлиб, унда онкологик, руҳий, юрак-қон томир, эндокрин ва бошқа касалликларни даволашга мўлжалланган 69 та дори воситаси белгиланган. Улар қаторида Аспирин, Бисопролол, Омепразол, Трамадол, Амброксол, Калий йодид, Гепарин каби дори воситалари бор.
Реимбурсация – харажатларни қоплаш бўлиб, сурункали касалликларни даволаш учун шифокор буюрган дорилар харажатини қоплашни назарда тутади. Бунда оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида бемор Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналардан дори воситаларини бепул олади.
Ушбу дастур доирасида дори воситаларини бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги 619-сон қарори билан тасдиқланган «Касалликларни амбулатор шароитда даволашда дори воситалари харажатларини қоплаш бўйича реимбурсация дастури тўғрисида»ги низомга асосан амалга оширилади.