2022 йил 14 февраль куни пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Агробанк” АТБ Бошқарувининг 2021 йил якунлари ва 2022 йил режаларига бағишланган очиқ ҳисоботи бўлиб ўтди.
Тадбирда “Агробанк” АТБ Кенгаш аъзолари, йирик акциядорлар, корпоратив мижозлар, Бош офис раҳбар ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Ўтган 2021 йилда банк томонидан иқтисодиёт тармоқларини молиялаштириш, тадбиркорлик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 25,4 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди ва бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3,5 трлн. сўмга ёки 116 фоизга юқори.
Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 125 мингта мижозга 3,2 трлн. сўм, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 1 266та 4,2 трлн. сўмлик лойиҳалар молиялаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг декабр ойида “Агробанк” ребрендинг ўтказди ва мижозлар учун янада қулай ва шаффофликка асосланган иш тизимини жорий этди. “Агробанк” АТБ трансформациясини амалга ошириш мақсадида ОТБ ва KPMG компаниялари жалб қилиниб, банк ривожлантириш стратегияси ва банк бизнес модели ишлаб чиқилди.
Қишлоқ хўжалигида замонавий билимларни жорий қилиш мақсадида юртимизнинг бир қатор олий ўқув юртлари билан бирга 5та ҳудудда “Фермерлар мактаби” ташкил қилинди.
Мактабларда қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик, ўсимликлар ҳимояси, бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича дарслар берилмоқда. 2021 йил ноябрдан республика бўйича 15 мингга яқин фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчилари ўқитилди. 2022 йил якунига қадар яна 65 мингта фермер ўқишларга жалб қилинади.
2021 йилда фермерлар ва томорқа ер эгалари учун қишлоқ хўжалигида “100 та китоб” тўплам лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Ушбу тўпламдан 10 мингта чоп этиб, тарқатилди. Электрон шаклда agrobank.uz сайти, telegram боти орқали фойдаланиш имконияти яратилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларини сотиб олиш ва сотишга ихтисослашган “AgroZamin” платформаси яратилди. 2022 йилда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш бўйича Агрохизматлар марказлари ташкил қилинмоқда.
2022 йилга режалар қаторидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун жами 32 трлн. сўм кредит ажратиш ва ўтган йилга нисбатан ўсишни 7 трлн. сўм ёки 126 фоизга етказиш режалаштирилган бўлиб, шундан оилавий тадбиркорлик йўналишида 3,9 трлн. сўм кредит ажратилади.
Туманларда “Agrolab” ўсимликларни ҳимоя қилиш фаолияти хизмати ташкил этилади. Бу шохобча орқали кўчма ва карантин лабораторияси, тадқиқот учун иссиқхона ва ер даласи, умумий амалиёт хонаси, тайёр маҳсулотларни сотиш дўкони, юк автомобиллари ҳамда агрегатлар базаси ташкил этилади.
2021 йилда банк Chakana.uz маркетплейсини ишга туширди. Бу платформа орқали мижозлар маиший техника ва жиҳозларни банкка келмасдан масофадан сотиб олишлари мумкин.
Банк Республикамизда биринчилардан бўлиб Картомат қурилмасини татбиқ қилди. Бу қурилма орқали мижоз банк картасини олиш учун “Face-ID” тизими орқали идентификация қилинади ва карта автомат тарзда расмийлаштириб берилади. Бугунги кунда банкнинг ҳудудий филиалларида 44та картомат қурилма ўрнатилди. 2022 йил давомида эса барча филиалларга (жами 170та) бундай қурилмалар ўрнатилиши режа қилинган.
2022 йилда янги “Смарт офис” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Аҳоли гавжум жойларда 24/7 режимида ишлайдиган бу офислар орқали мижозлар банк ходими иштирокисиз банк амалиётларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Шунингдек, банкнинг хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида янги рақамли “Fresh” филиали фаолиятини ривожлантирилади.
“Агробанк” АТБ жамоаси аҳоли ва мижозларга хизмат кўрсатишда 2022 йилда ҳам кенг кўламли ислоҳотларни жадал давом эттиради.
“Агробанк” АТБ Матбуот хизмати