Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 6 фоиздан ошадиган энг тез ривожланаётган иқтисодиётларнинг аксарияти 2026 йилда Африка мамлакатлари бўлади.
Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига таяниб, Africanews телеканали хабар берди.
Руанда, Уганда, Эфиопия каби мамлакатларда ўсиш суръатлари 7 фоиздан ошади, Жанубий Судан ва Гвинея эса нефть ва минерал қазилмаларни ишлаб чиқаришдаги бум ҳисобига икки хонали ЯИМ ўсишига эришади. Шу билан бирга, ХВЖ экспертларининг фикрича, Африка глобал исиш, сиёсий беқарорлик ва юқори ташқи қарз каби салбий омиллар таъсирига эътибор қаратиши керак.
2026 йилда қитъа давлатлари кредиторларга қарийб 95 миллиард доллар тўлаши керак бўлади. Кения каби давлатлар бюджет маблағларининг 20 фоизини ташқи қарзга хизмат кўрсатишга сарфлашга мажбур бўлади. Хорижий сармояларнинг кириб келишига қарамай, баъзи давлатлар, масалан, Марказий Африка Республикаси сайёрадаги энг кам электрлаштирилган давлатлар қаторида қолади.