Афғонистондаги зилзила оқибатида камида 250 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда NBC хабар бермоқда.
АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан душанбага ўтар кечаси Покистон билан чегарадош Жалолобод шаҳридан 20 км узоқликда 6 магнитудали зилзила содир бўлган. Зилзила маркази тахминан 8 км чуқурликда жойлашган.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Шарафат Замон: “Биз кенг кўламли қутқарув операциясини бошладик ва жабрланган ҳудудлар аҳолисига ёрдам бериш учун юзлаб одамларни сафарбар қилдик”, деди.
Унинг сўзларига кўра, зилзила узоқ тоғли ҳудудда содир бўлгани учун “одамлар талофатлари ва инфратузилмага етказилган зарарлар ҳақида аниқ маълумот олиш учун вақт керак бўлади”.