Номаълум шахслар Афғонистон шарқидаги Жалолобод шаҳрида (Нангарҳор вилояти маъмурий маркази) Ҳиндистон консуллиги ходимига ҳужум қилди.
Бу ҳақда Афғонистоннинг Ariana News телеканали Нангарҳор полицияси матбуот котибига таяниб хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, ҳужумга учраган шахс афғон бўлиб, Ҳиндистон консуллигида таржимон бўлиб ишлайди. Унинг аҳволи ҳақида маълумотларга ойдинлик киритилмоқда.
Маҳаллий ҳокимият органлари ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.
Ўз навбатида, Қатарнинг "Ал-Жазира" телеканали манбасига таяниб, Жалолободда номаълум шахслар Ҳиндистон консуллигига тегишли автомобилни портлатиб юборганини хабар қилди. Телеканал маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳатланган. Марҳум ҳақида маълумот берилмаган.