Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида “Адвокатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, кейинги йилларда мамлакатда адвокатура институтининг ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлашга, суд ишини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув принципи асосида ишларни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилган, адвокатларнинг ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун зарур қонунчилик базаси яратилган.
Шу билан бирга, адвокатурага ишга қабул қилиш тартиб-таомилини янада соддалаштириш, шунингдек, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш тартибини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.
Бугунги кунда республикада 4 625 нафар адвокат фаолият юритаётган бўлса, шундан 30 ёшгача бўлганлар сони атиги 51 нафарни ташкил қилмоқда. Шу боис адвокатура соҳасига ёш кадрларни жалб қилиш жараёнларини соддалаштириш зарурати мавжуд.
Қонун билан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш учун имтиҳон топширишга талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилиняпти.
“Ушбу қонун маъно-моҳиятига кўра тўлалигича инсон қадри тамойилига хизмат қилади. Зеро фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини малакали ҳимоя қилишда адвокатуранинг ўрни ниҳоятда катта.
Яқинда сенаторларимиз “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади ва у сентябрь ойидан кучга кириши белгиланди. Бу қонун кўпроқ аҳолининг эҳтиёжманд қатламига малакали юридик ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди. Ушбу қонун тўлақонли ишлаши учун эса биринчи навбатда малакали адвокатлар зарур.
Бундан ташқари, юртимизда тадбиркорлар сони кун сайин ошиб боряпти. Табиийки, иқтисодий-шартномавий муносабатлар ҳам жадаллашмоқда. Бундай шароитда малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган эҳтиёж фақат ошиб боради.
Бироқ шу билан бирга адвокатура институти жамиятимизда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши йўлида ҳали талай муаммоларимиз бор.
“Адвокатура тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришнинг муҳимлиги ҳам шунда. Содда қилиб айтганда, жиддий тўсиқлардан бири олиб ташланяпти. Ўйлаймизки, мутасадди вазирлик, идоралар, биринчи навбатда Адлия вазирлиги мазкур норма кутилган самарани бериши учун жиддий ҳаракат қиладилар”, дея таъкидлаган Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида.