Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ бош вазир номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон президентига кўриб чиқиш учун таклиф этилади. Шундан келиб чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мажлисида президентга бош вазир лавозимига номзод таклиф этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов номзодини бош вазир лавозимига тақдим этди.
Шундан сўнг А.Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури юзасидан маъруза қилди.
Маърузани эшитгач, депутатлар ва Сенат аъзолари бош вазир лавозимига тақдим этилган номзодни маъқуллашди.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, қўшма мажлисда қатнашаётган 150 нафар депутатдан 148 нафари, 97 сенатордан 94 нафари Абдулла Арипов номзодини маъқуллаб овоз берди.