Бугун, 10 март куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Маълум қилинишича, Фидан суҳбат давомида Туркия ҳаво ҳудудининг бузилиши қабул қилинмаслигини айтиб, Анқара бунга қарши барча зарур чораларни давом эттиришини билдирган. Шунингдек, Фидан барча томонлар минтақавий хавфсизликни хавф остига қўйиши ва фуқароларга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши кераклигини таъкидлаган.
Ароқчи эса Туркия ҳаво ҳудудига йўналтирилган ракеталар Эронга алоқаси йўқлигини ва бу масала бўйича кенг қамровли текширув ўтказилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат йиғилишидан сўнг қилган чиқишида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирганди.