“А1” гувоҳномасини олиш учун имтиҳонда 16 та тўғри жавоб топиш кифоя.
Мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги қулайликлар амалга ошириляпти. Бу ўзгаришлар айниқса, минглаб курьерлар учун ҳам катта енгиллик яратиши кутиляпти. Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш, автомактабларда ўқиш ва жарима баллари тизими тубдан янгиланяпти.
Энг катта янгилик — 2026 йил 1 январдан “A1” кичик тоифали гувоҳнома жорий этилади. Энди мопед ва скутер эгалари назарий ва амалий курсларга мажбурий қатнашмайди, мустақил тайёргарлик кўриб имтиҳон топшириш имконига эга бўлади. Тестдаги 20 саволдан 16 тасига тўғри жавоб берганлар эса “A1” гувоҳномасини олишади. Шу билан бирга, “A”, “B”, “C” ва “D” тоифадаги ҳайдовчилар учун алоҳида рухсатнома олиш талаб этилмайди.
2026 йил 1 февралдан бошлаб “A” ва “B” тоифалари бўйича назарий машғулотларни мустақил ўзлаштириш ҳуқуқи берилади. Бу автомактаблардаги бюрократик тўсиқларни қисқартириши айтиляпти. Қолаверса, эндиликда гуруҳ тўлишини кутиб ўтириш шарт эмас. Ҳар бир талабгор ўзига қулай вақтда тайёргарликни бошлолади.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан жарима баллари тизими янгича асосда ишлайди. Эндиликда камералар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун балллар автомашина эгасига эмас, балки ҳайдовчига ёзилади. Бу одилликни таъминлабгина қолмасдан, барча ҳайдовчиларни масъулиятли бўлишга чорлайди деб ўйлайман.