Лас-Вегас шаҳридаги MGM Arena мажмуасида PBC промоутерлик компанияси ўтказган профессионал бокс оқшоми ниҳоясига етди.
Мусобақанинг марказий жанги ярим ўрта вазн тоифасида америкалик WBC йўналиши чемпиони Марио Барриос ҳамда турли вазн тоифаларида 46 ёшли собиқ жаҳон чемпиони, Филиппин шарафини ҳимоя қилувчи афсонавий Мэнни Пакьяо ўртасида кечди.
12 раундлик чемпионлик жанги тўлиқ давом этди. Қизиғи, ҳакамлар баҳсда дуранг натижаси қайд этилганини эълон қилишди. Ҳакамлардан бири 115:113 ҳисобида Мариога ғалабани берган бўлса, икки нафари 114:114 ҳисобидаги тенгликни акс эттирган.
Камар эса Барриоснинг ўзида қоладиган бўлди.
Шундай қилиб, 46 яшар Пакьяо ўзининг 73-жангида 3-марта дурангга рози бўлди. Унинг ҳисобида 62 та ғалаба ва 8 та мағлубият бор. 30 ёшли Марио Барриоснинг рекорди эса энди 29-2-2 кўринишида.
Маълумот учун, ушбу вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов WBA камари учун мажбурий даъвогар саналади.