«Милан» ярим ҳимоячиси Лука Модрич 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин профессионал фаолиятини якунлашини эълон қилади. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Николо Скира X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Сентябрь ойида хорватиялик футболчи 41 ёшга тўлади. Аввалроқ Модрич «Милан» билан шартномани узайтирмаслиги ва яқин ёзда жамоани тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Яқин кунларда футболчи миллий терма жамоаси билан фаолиятидаги сўнгги Жаҳон чемпионатига йўл олади.
Модрич «Милан»га 2025 йил ёзида эркин агент сифатида келиб қўшилган эди. Ўтган мавсумда у «россонерилар» сафида 37 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол ва 3 та голли узатма амалга оширди. Футболчининг клуб билан шартномаси 2026 йил 30 июнга қадар амал қилади.
Transfermarkt портали маълумотига кўра, футболчининг тахминий трансфер қиймати 4 миллион еврони ташкил этади.
Модрич фаолияти давомида «Реал», «Тоттенхэм», Загребнинг «Динамо»си, «Интер Запрешич» ва «ХШК Зриньски Мостар» клубларида ҳам тўп сурган.