Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

400 000 сўм эвазига фоҳишахона ташкил қилган аёлга ҳукм ўқилди

400 000 сўм эвазига фоҳишахона ташкил қилган аёлга ҳукм ўқилди

Жамиятимизда айрим аёллар томонидан енгил пул топиш мақсадида ўз хонадонида фоҳишахона сақлаш каби жинояятлар содир этиш холатлари учраб туради.

40 ёшни қоралаб қолган Саида Шокаримова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бирор жойда тайинли ишламади. У осон пул топиш йўлини қидирди. Хонадонига қизларни олиб бориб эркакларга қўшди. Паст ниятларда фоҳишахона ташкил қилди.

Кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек тезкор тадбир давомида унинг қилмиши фош этилди.

2022 йил 23 июнь куни соат 23:00 ларда яшаш уйида 400 минг сўм пул эвазига эркак ва аёлни ўзаро жинсий алоқада бўлишлари учун яшаш уйида шароит яратиб берган. Тезкор тадбир давомида С. Шокаримовадан 400 минг сўм миқдоридаги ашёвий далил холислар иштирокида олинган.

Судланувчи Саида суд мажлисида айбига иқрор бўлди албатта. Ҳақиқатдан ҳам ўша куни соат 15:00лар атрофида унга Маҳмуд исмли эркак телефон қилиб жой топиб беришини айтганида 400 минг сўм бўлишини айтади.

Маҳмуд кечқурун автомашинасида келиб Саидани олиб кетади. Йўлдан улар бир қизни машинага миндириб олишади. Бу 20 ёшлар атрофидаги Нозима эди. Саида, Нозима ва Маҳмуд кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонга келиб, ичкарига киришади. Маҳмуд Нозиманинг кўз ўнгида Саидага 400 минг сўм санаб беради. Шундан сўнг Маҳмуд Нозима билан бир хонага кириб кетади... Тахминан ярим соатлардан сўнг эшик тақиллайди. Саида “ким” деб эшикни очганида тўғрисида ички ишлар ходимларини кўради. Улар хонадонга кириб воқеани расмийлаштириб оладилар.

Саида “мижози”дан олган 400 минг сўм пулни ўз ихтиёри билан ички ишлар ходимларига топширади. Судда қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароити оғирлигини, 2 фарзанди борлигини, эри билан ажрашганлигини, вақтинча ишсизлигини, соғлигида муаммоси борлигини инобатга олиб енгиллик беришни сўради.

Гувоҳ Нозима Воҳидова ҳақиқатдан ҳам воқеа бўлган куни деҳқон бозорида юрганида унга Саида Шокаримова қўнғироқ қилиб кечки пайт учрашишлари кераклигини айтади. “Хўп”, дейди. Белгиланган пайт бир эркак киши автомашинасида Саида ва уни кўп қаватли уйлардан бирига олиб боради... Буёғи ўзингизга маълум.

Дастлабки тергов органи томонидан Саида Шокаримова фоҳишахона ташкил этиш ва сақлашда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддасининг 2-қисми билан тўғри квалификация қилинганлиги эътироф этилди.

Суд С. Шокаримованинг аёллигини, оилавий шароити оғирлигини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 55-моддаси 1-қисмининг “а” бандига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, ғаразли ва паст ниятларда жиноят содир этишини Жиноят кодекси 56-моддаси 1-қисмининг “к” бандига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади.

Суд, судланувчига жазо тури ва миқдорини тайинлашда инсонпарварлик ва одиллик принципларига таяниб, Жиноят кодексининг 54-моддаси ҳамда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, унинг жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар билан бирга шахсини, аёллиги, оилавий аҳволини, оилада ёлғиз боқувчи эканлигини инобатга олиб, унга модда санкцияси доирасида 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, унга сутканинг соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашни лозим топди.

Саида Шокаримова бундан буёғига ҳалол меҳнат билан машғул бўлиб, нотўғри босган қадамидан тўғри хулоса чиқариб олишини истаймиз.

Яҳё Беккамов,

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани суди раиси

Киритилди: 13:20 06.12.2022. Ўқилди: 1818 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!