“Тошкент-Аэро” ИБК тезкор тузилмалари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда аниқланган навбатдаги ҳолатнинг “қаҳрамон”и бир қарашда айбсиз айбдордек туюлади.
“Истанбул–Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган ва божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган ушбу йўловчи ўзи билмаган ҳолда синтетик гиёҳвандлик воситасини олиб ўтишга уринган вақтида фош қилинди.
Гап шундаки, парвоз олдидан Туркияда нотаниш шахснинг сумкасини унинг илтимосига биноан 35 АҚШ доллари эвазига Тошкентга олиб келган йўловчи ушбу сумкада нима борлигига қизиқиб ҳам кўрмаган.
Ваҳоланки, божхона кўриги давомида юклар орасидаги ерёнғоқ қадоқланган пакетда ерёнғоқ доналари орасига унга ўхшаш ҳажмдаги қизил рангли таблеткалар аралаштирилгани фош бўлди.
Ҳар бирига “Marvel” ёзуви туширилган мазкур таблеткалар сони 598 дона бўлиб, улар MDMA синтетик гиёҳвандлик воситаси эканлиги фош бўлди.
Мазкур турдаги синтетик наркотик таблеткаларнинг қора бозордаги чакана нархи эса камида 15–20 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.