21 октябрь, чоршанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб қолади. Ҳаво ҳарорати кундузи айрим вилоятларда 28 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Прогнозларга кўра, энг юқори ҳарорат Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилади. Ушбу ҳудудларда кундузи 23–28, кечаси 7–12 даража илиқ бўлади.
Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, ёмғир ёғмайди. Пойтахтда кундузги ҳарорат 21–23, тунги ҳарорат эса 8–10 даражани ташкил этади. Шамол шарқдан секундига 3–8 метр тезликда эсади.
Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Бухоро ва Навоий вилоятларида кундузи 20–25, кечаси 5–10 даража илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда.
Фарғона водийсидаги уч вилоят — Андижон, Наманган ва Фарғонада ҳам кундузги ҳарорат 20–25 даража атрофида бўлади. Тунда эса термометрлар 7–12 даражани кўрсатади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида нисбатан салқин об-ҳаво кутилмоқда. Бу ҳудудларда кундузи 15–20, кечаси 2–7 даража илиқ бўлади.
Тоғли ҳудудларда ҳарорат кундузи 13–18, кечаси 3–8 даража оралиғида бўлиши айтилмоқда.
Республиканинг аксарият ҳудудларида шарқдан секундига 7–12 метр тезликда шамол эсади. Фарғона водийсида эса шамол тезлиги 5–10 метр/секундни ташкил этади.