Бугун 23 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Украина қурол ишлаб чиқаришни оширишда қийналмоқда

Украина қурол ишлаб чиқаришни оширишда қийналмоқда

Украина мудофаа саноати тез ривожланганига қарамай, ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Соҳа ўз имкониятлари чегарасига яқинлашган бўлиши мумкин, деб ёзди The Wall Street Journal мудофаа корхоналари раҳбарлари ва ҳарбий таҳлилчиларга таяниб.

Нашрнинг таъкидлашича, Киев Россия билан бир хил миқёсда ракеталар ишлаб чиқариш имкониятига эга эмас. Хусусан, Украинанинг "Нептун" ракеталарини ишлаб чиқариш ҳажми Россиянинг ракета ишлаб чиқариш кўрсаткичларидан анча паст.

"Луч" конструкторлик бюроси раҳбари Олег Коростеловнинг айтишича, жорий йилда бир неча юзта "Нептун" ракетаси ишлаб чиқарилади, бироқ уларнинг сони мингтага етмайди.

Газета Украина мудофаа саноатидаги асосий муаммоларни санаб ўтди:

Маблағ тақчиллиги. Молиялаштириш 1300 дан ортиқ компания ўртасида тақсимлангани сабабли энг истиқболли корхоналар ҳам етарлича сармоя ололмаяпти.

Компанияларнинг ҳаддан ташқари кўпайиши. Мудофаа соҳасидаги стартаплар сони шунчалик ортганки, ички бозор уларнинг барчасини ривожлантириш учун етарли эмас.

Малакали кадрлар етишмаслиги. Миллионлаб одамлар мамлакатни тарк этган ёки армияда хизмат қилаётган шароитда янги ишчиларни топиш қийинлашган.

Хавфсизлик муаммоси. Россия зарбалари хавфи туфайли корхоналар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун янги бинолар топишда қийналмоқда.

Мудофаа компанияларидан бири раҳбарининг сўзларига кўра, кўчмас мулк эгалари ўз биноларини ҳарбий ишлаб чиқариш учун ижарага беришдан чўчийди, чунки улар зарба нишонига айланиши мумкин.

WSJ қайд этишича, бу муаммолар Украина мудофаа компанияларини хориждан сармоя излашга ва ишлаб чиқаришнинг бир қисмини бошқа мамлакатларга кўчиришга ундамоқда.

Киритилди: 15:56 22.11.2026. Ўқилди: 829 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар