Бугун 28 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

«Снос» туфайли фуқаролар ва тадбиркорларга етказилган зарарни хатловдан ўтказиш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди

A A A
«Снос» туфайли фуқаролар ва тадбиркорларга етказилган зарарни хатловдан ўтказиш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди

Ўзбекистон президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5491 фармойиши қабул қилинди.

Фармойишда белгиланишича, ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармойишга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:

·       ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

·       Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;

·       хулоса бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Шунингдек, президент фармойиши билан қуйидагилар тасдиқланган:

·       ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби;

·       хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати;

·       хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи раҳбари этиб бош вазир ўринбосари — молия вазири Ж.Қўчқоров тайинланган.

Шунингдек, ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари М.Абдуллаев, бош прокурор ўринбосари С.Саидкаримов, иқтисодиёт ва саноат вазири Б.Хўжаев, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Зокиров, адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев, ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Абдуллаев, давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ҳайдаров, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази директори Д.Зиёмуҳаммедова, Президентнинг давлат хавфсизлиги хизмати масъул ходими Т.Ниёзов, давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими Р.Турсунов ишчи гуруҳ таркибига киритилган.

Республика ҳудудларида олиб қўйилган ер участкаларини ҳамда шу муносабат билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарлар миқдорини (товон пуллари) хатловдан ўтказиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларнинг намунавий таркиби ҳам белгилаб берилган. Энг характерлиси, гуруҳга вилоят, туман/шаҳар ҳокимлари киритилмаган. Фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари этиб кўрсатилган. Ҳудудий ишчи гуруҳга ҳисоб палатаси вакили раҳбарлик қилади.

Хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга қуйидаги вазифалар топширилмоқда:

·       фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаш;

·       етказилган зарарларни қоплашнинг аниқ манбалари белгиланиши, агар зарар мансабдор шахснинг ноқонуний қарори қабул қилиниши оқибатида етказилган бўлса — мазкур мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш;

·       айбдор мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;

Таъкидланишича, президентнинг ушбу фармойиши ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар амал қилади. Ҳукумат қарори эса бир ой муддатда қабул қилинади ва қуйидагиларни назарда тутади:

·       давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш;

·       ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш;

·       ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузиш.

Киритилди: 05:00 05.08.2019. Ўқилди: 1734 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!