Ҳодиса Туркиянинг Чанаккале провинциясида юз берди. Маълум бўлишича, йўловчи автобуси, ёғоч ортилган юк машинаси ва енгил автомобиль тўқнашиб кетиши натижасида ЙТҲ содир бўлган.
Воқеа Чанаккале-Эзине трассасида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёқилғи ортилган юк машинаси ағдарилиб, қарама-қарши йўлга чиқиб кетган. У ерда йўловчи автобуси ва енгил автомобиль билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, яна 20 киши турли даражадаги жароҳатлар олди.
Воқеа жойига тезда тез ёрдам, ўт ўчирувчилар, жандармерия ва полиция ходимлари етиб келди.
Чанаккале провинцияси губернатори Ўмер Тораман, юк машинаси ҳайдовчисининг воқеа жойида ҳалок бўлганини айтди. Автобусда 25 киши, жумладан 3 нафар экипаж аъзоси бўлган. Беш нафар йўловчи воқеа жойида, яна уч нафари шифохонада вафот этган. Бир неча кишининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. Шунингдек, у бу иш ҳар томонлама текширилишини айтди.
Автотранспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди ва кейинчалик муқобил йўналишлар орқали қайта очилди. Эзине шаҳар прокуратураси фожиали воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда. Икки прокурор ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.