АҚШ мустақил сенатори Берни Сандерс Конгрессда нутқ сўзлаб, АҚШ маъмуриятини Ғазодаги гуманитар фалокатга шерикликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг хатти-ҳаракатлари ва Вашингтоннинг бу ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши “инсон қўли билан яратилган даҳшат”ни юзага келтирди ва у “инсониятнинг умумий виждонида абадий доғ бўлиб қолади”.
" Мен бутун дунёда шок ва ғазабга сабаб бўлаётган нарса ҳақида гапирмоқчиман, лекин негадир ғалати сабабларга кўра Конгресс коридорларида деярли муҳокама қилинмайди", деди Сандерс. Унинг таъкидлашича, Ғазога ёрдам етказилишининг тўхтатилиши "атай ва услубий тарзда юзага келган оммавий очлик ва ўлимнинг секин ва шафқациз жараёнига" олиб келди .
Сандерснинг айтишича , тарих Қўшма Штатларни содир бўлаётган воқеаларга шериклиги учун "кечирмайди". Унинг сўзларига кўра, “Фаластин халқини йўқ қилаётган” Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхуни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш вақти келди.
Шунингдек, у аввалроқ Ғазони “Яқин Шарқ Ривиера”сига айлантиришга ваъда берган АҚШ президенти Доналд Трампнинг “Ғазо миллиардерлар Ривиерадан завқ олиши учун эмас, балки Фаластин халқи манфаати учун қайта тикланиши керак” деган баёнотини ҳам танқид қилди.
Аввалроқ World Central Kitchen гуманитар ташкилоти Ғазода озиқ-овқат ва пишириш ёқилғиси тез тугаб бораётгани ҳақида хабар берган эди. Ташкилотга кўра, март ойи бошидан бери Исроил томони чегарада ўнлаб юк машиналари турганига қарамай, анклавга инсонпарварлик ёрдами оқимини амалда тўсиб қўйган.
Исроил томони юк ташишга рухсат бермасликни ёрдам тақсимоти устидан назорат йўқлиги ва талон-тарож қилиш хавфи билан изоҳламоқда. Бироқ, World Central Kitchen маълумотларига кўра, сектордаги вазият оғирлигича қолмоқда ва давом этаётган блокада шароитида ёмонлашишда давом этмоқда.