Ҳиндистон ғарбидаги Махараштра штатида поездда ёнғин содир бўлгани ҳақидаги миш-миш йўловчилар орасида ваҳима уйғотди, улардан 12 нафари вагонларидан шошиб чиқиб кетаётган пайтда ёнма-ён кетаётган бошқа поезд туфайли ҳалок бўлди.
Бу ҳақда маҳаллий маъмурият маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа Мумбайдан 400 км узоқликда содир бўлган.
"Дастлабки маълумотларга кўра, "Pushpak Express" вагонларидан бирининг ичида учқун пайдо бўлган ва баъзи йўловчилар ваҳимага тушган. Улар авариявий тўхташ занжирини тортиб олишган, баъзилари эса рельсга отилиб чиқишган. Ўша пайтда Karnataka Express қўшни йўл бўйлаб ўтаёган бўлган" - деди маъмурият.
Воқеа жойига фавқулодда қутқарув поезди жўнатилди. Жалгаон полицияси матбуот котиби Маҳешвар Реддининг журналистларга айтишича, поезд ғилдираклари остида 12 киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган.