Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби биноси бузилаётгани, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳеч қандай шароити йўқ бинога кўчирилгани билан боғлиқ хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:
Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабининг Бухоро шаҳар, Ҳофиз Таниш Бухорий кўчаси 1-уйда жойлашган биноси мазкур ҳудуд Бухоро шаҳар туризм марказига айлантирилаётгани муносабати билан бузиладиган бинолар рўйхатига киритилган. Вилоят ҳокимлиги бу борада вазирликни огоҳлантирган, мактаб вақтинча Бухоро шаҳар касб-ҳунар мактабининг ётоқхонаси ва ўқув биносининг 2 та қаватида фаолият олиб бориши белгиланган.
Нафақат ихтисослаштирилган санъат мактаби, балки шу ҳудудда жойлашган бир қатор давлат идора ва ташкилотлари ҳам бошқа ҳудудларга кўчирилган.
Келгусида Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби учун замон талабларига мос янги ўқув бинолари, ётоқхона ҳамда концерт зали қуриб берилиши режалаштирилган. Бугунги кунда мазкур масала мутасадди раҳбарлар назоратида бўлиб, мавжуд муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.
Маълумот учун: Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабида 16 та йўналишда 393 нафар ўқувчига 205 нафар педагог ходим маданият, мусиқа ва санъат соҳасидан таълим бериб келишмоқда.