Самарқанд шаҳрида «Евроосиёни ўрганамиз» халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ХVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг маданий дастури доирасида 1–4 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида N.I.C.Е. (New Italian Cinema Events) янги итальян фильмлари фестивали ўтказилмоқда.
Бугун, 1 ноябрь куни фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўзга Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, N.I.C.E. итальян фильмлари фестивали раҳбари Вивиана Дель Бьянко, «Евроосиёни ўрганамиз» халқаро ассоциацияси директори Антонио Фаллико ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу фестивалнинг икки давлат ўртасидаги алоқаларда тутган ўрни ҳақида гапирди.
Шунингдек, Вивиана Дель Бьянкога Тошкент халқаро кинофестивалининг статуеткаси топширилди. Антонио Фалликога эса ўзбек чопони ва дўпписи тақдим этилди. Шунингдек, Италия делегацияси аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Очилиш маросими давомида «Марко Полонинг Ўзбекистонга сафари» фильмидан қисқа ролик намойиш этилди. XV Тошкент халқаро кинофестивалида Италия делегациясининг иштироки ва итальян фильмларида кийилган костюмлар кўргазмаси алоҳида таъкидланди. Маросим сўнггида «Узоқ йўл» фильми намойиш этилди. Шунингдек, фестиваль доирасида, «Аманда» («Amanda»), «Келажак қуёши» («Il col della avvenire») фильмлари итальян тилида ва ўзбекча субтитрларда намойиш этилади.
Фестиваль ташкил этилганига 30 йилдан ошган бўлиб, 1988 йил АҚШда, 1993 йилда эса Россияда дебют қилган. N.I.C.Е. уюшмаси юқори сифатдаги дебют итальян фильмларини экспорт қилувчи илк ташкилотлардан бири ҳисобланади ва кўп йиллар давомида чет элда энг муҳим кинофестивалларни ташкил қилиб келган.
Ушбу ассоциациянинг мақсади фестиваллар ва маданий алмашинувлар ташкил этиш орқали чет элда янги итальян фильмларини тарғиб қилишдир.
Фестивалнинг яна бир асосий мақсади кино орқали маданий хилма-хилликнинг қийматини кўрсатиш. Фестивалда намойиш этиш учун синчиклаб танланган итальян киноижодкорларининг бадиий, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлари Италия ҳаёти ва маданияти ҳақидаги ҳикояларнинг ҳақиқий кўзгусидир.