Бугун 10 октябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партияси давлат рўйхатидан ўтказилмади

A A A
“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партияси давлат рўйхатидан ўтказилмади

“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партияси фаоллари томонидан қўшимча топширилган имзолар уни рўйхатдан ўтказиш учун етарли бўлмади.

Адлия вазирлигига 2023 йил 14 ва 17 июль кунлари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги такрорий аризалар ва фуқароларнинг имзолари келиб тушди.

Ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, партияни қуйидаги асослар бўйича рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Бироқ, вазирликка 2023 йил 14 июлда тақдим этилган аризага илова қилинган рўйхатда 9 828 та фуқаролар имзолари мавжуд бўлиб, ҳужжатларни ўрганиш жараёнида партияга бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатига қуйидагилар киритилганлиги маълум бўлди:

– сиёсий партия таъсис конференсияси ўтказилгунгача вафот этган
10 нафар шахс;

– 13 нафар вояга етмаган шахс;

– маҳаллаларни асфалтлаш, коммуникация тизимларини янгилашга маблағ олиш мақсадида “Очиқ буджет” лойиҳасига овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик ушбу имзоларини қайтариб олган 1 157 нафар шахс;

– шахсга доир маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли шахси аниқланмаган 1 190 нафар шахс;

– имзолари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган электрон шаклда олинган 5 816 нафар шахс;

Маълумот учун. Ушбу электрон шаклда олинган имзолардан мингдан ортиқ имзоси вазирликка муқаддам тақдим этилган имзолар рўйхатида мавжудлиги маълум бўлди;

– партия тузиш учун хоҳиш билдирмаган ва ҳеч қандай имзо қўймаган
359 нафар шахс;

– суд тартибида муомалага лаёқациз деб топилган 22 нафар шахс;

– Ўзбекистонда яшамаётган 137 нафар шахс;

– 2023 йил 15 майда вазирликка партияни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган имзолар рўйхатида мавжуд бўлган 46 нафар шахс (такрорий).

Шунингдек, 2023 йил 17 июлдаги 1 388 та фуқаролар имзолари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партияси ташкилий қўмитасининг 3 ойлик фаолият кўрсатиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган.

Жорий йилнинг 16 апрелида ташкил этилган партиянинг ташкилий қўмитаси томонидан унинг фаолият кўрсатиш муддати давомида вазирликка тақдим этилган имзоси қонунчиликка мувофиқ ва ўз хоҳиши билан партияга бирлашиш истагини билдирган фуқароларнинг жами имзолари сони 2 517 тани ташкил этди.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Киритилди: 22:22 16.08.2023. Ўқилди: 3127 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!