Ўзбекистон Экологик партиядан Президентликка номзод Абдушукур Хамзаевнинг сайловолди дастурида “Яшил иқтисодиёт”га ўтишга кўмаклашувчи қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган.
Партия экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш ғоясини амалга оширишда қуйидаги илғор тажрибаларни ҳаётга тадбиқ этишни таклиф этади:
биринчидан, иқтисодиётнинг барча соҳаларини “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритиш;
иккинчидан, “яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш, тадбиркорлик субъектларини “яшил” технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
учинчидан, бизнесни яшил технологияларга йўналтириш, янги технологияларни жорий этиш ҳамда атроф-муҳитга зарар етказувчи ташкилотлар учун тўловларни кескин оширишни назарда тутувчи “Яшил солиққа тортиш” тизимини жорий этиш;
тўртинчидан, маҳсулотларни етиштиришда пестицидлардан фойдаланишдан тўлиқ воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш;
бешинчидан, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатга юқори малакали кадрлар ва замонавий, экологик тоза технологиялар кириб келишини кенгайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида “Яшил виза” (“Green Visa”) дастурини жорий этиш;
олтинчидан, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш;
еттинчидан, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини кенг татбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, соҳага энергия ва ресурс тежовчи технологияларни кенг татбиқ этиш ва бу орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ўртача 30-40 фоизгача оширишни таъминлаш шулар жумласиддандир.
Шу ўринда Яшил иқтисодиёт қайси жиҳатлари билан фойдалидир, деган табиий савол туғилиши мумкин. Бунга жавобан шуни айтиш керакки, яшил иқтисодиёт Барқарор ривожланиш мақсадларининг бир қисми бўлиб, авваломбор табиатни борича асраб-авайлаш, экотузилма ва био хилма-хилликни сақлаб қолиш билан бир қаторда аҳолининг даромади ва бандлигини таъминлашдан иборат. Шу боис, бу йўналишдаги ишлар кўп вақт ва ҳаражатларни талаб этади.
Таъкидлаш жоизки, партия томонидан мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлида алоҳида эътиборга молик. Уни амалга ошириш учун энергетика соҳасига рақамли технология ва энергиядан фойдаланишнинг муқобил усулларига ўрғу берилмоқда. Аниқроқ айтганда, иқтисодиётнинг кўп ресурс талаб қиладиган – энергетика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт коммуникацияси тизими ва коммунал соҳаларида энергия, ресурс тежовчи ва бошқа инновацион, экологик ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш қўллаб-қувватланаса, қайта тикланувчи ва муқобил энергия ишлаб чиқарувчиларга иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизими янада кенгайтирилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, бу борада қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси” ишлаб чиқилиши “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, иқтисодиёт субъектларида “яшил” қадриятларнинг сингдиришига замин яратилади.
Партия томонидан илгари сурилаётган аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш конституциявий ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътиборга молик. Ушбу йўналишда авваломбор, экология соҳасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, партиянинг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуслари сифатида илгари сурилган Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодекси лойиҳаларида экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талаблари ягона соҳавий кодексларда мужассам бўлади.
Бундан ташқари “Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий модда ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисида”ги Конвенция, “Атроф муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисида”ги Конвенция, “Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилишга қаратилган ишлари халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш имкониятларини кенгайтиради.
Ўйламанки, партиянинг “Яшил иқтисодиёт”га ўтишга кўмаклашиш ғояси ва уни амалга ошириш вазифа ва механизмлари биринчи навбатда, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасида бошқарувни такомиллаштиришга, иккинчидан, табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга, учинчидан, «яшил» энергиядан фойдаланишни таъминлашга, тўртинчидан, «яшил» иш ўринлари яратишга ва иқлим барқарорлигига эришишга хизмат қилади.
Сахипжамал Джолдасова,
эксперт, юридик фандари доктори