Ўзбекистон республикаси халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 13 августдаги “Халқ таълими тизимида методик хизмат кўрсатиш ишларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги 183-сонли буйруғига мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларида сентябрь ойида бошланғич таълим фан ойлигини ўтказиш белгиланган. Бундан мақсад бошланғич синфдан саводхонлик кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчилар учун сифатли таълимнинг янги методларини шакллантириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни руҳлантириш, қобилиятларини юзага чиқариш, илғор ва ташаббускор ўқитувчилар тажрибасини амалда тадбиқ қилишдан иборатдир. Шу жумладан Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур туманидаги 169-умумтаълим мактабида ҳам бошланғич таълимда фан ойлиги якунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида бошланғич синф ўқувчилари иштирокида мусиқали, шеърий чиқишлар билан бирга Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус доирасида гимнастика ва спорт тўгаракларига фаол қатнашиб келаётган 1-“А” ва 1-“Е” синф ўқувчилари томонидан ажойиб чиқишлар намойиш қилинди. Фанлар рус тилида ўқитиладиган синф ўқувчиларининг шеър ва қўшиқларни равон нутқда айтишлари ҳам устозларнинг меҳнатлари самарасидир. Хусусан, 1-“А” синф ўқитувчиси Муқаддас Баротова бошланғич таълимда ўз йўналишига эга бўлган ўқитувчилардан бири. Қобилиятли, аммо тортинчоқ, уятчан, ўз фикрини айтишга журъат қила олмайдиган ўқувчиларини ҳам ўз билимларини намоён эта олишларига руҳий кўмак ва далда берибгина қолмай, уларни фан ойлиги якуни доирасидаги тадбирда мактабнинг томошабинлар билан тўла залига олиб чиқиб, ўзларига бўлган ишончини ҳам орттирди. Ҳар бири ўзгача бир феъл-атворга эга болаларга таълим бериш, улар билан ишлаш ва қизиқтира олиш, саҳнага олиб чиқиш, ўзига ишонч уйғотиш юксак маҳорат ва машаққатли меҳнат талаб қилади.
Ўзбекистонимизнинг келажаги бўлган фарзандларимизга таълим ва тарбия беришдан чарчаманг, фидойи устозлар!