Ислом динида қабристонга боришдан қайтарилмаган. У ерга борган инсон ўлимни эслайди, ўзи ҳам шу ерга келишини ўйлайди, қилаётган ишлари, бажараётган амаллари ҳақида хаёлга чўмади. Оддий қилиб айтганда, охират ҳақида ўйлаш бизни сергаклантиради, ҳар бир қадамимизни ўйлаб босишга ундайди.
Мазҳаббошилардан Имом Шофеъийнинг Имом Абу Ҳанифанинг қабрини зиёрат қилиш учун Куфага келганлиги, Буюк Имомга ҳурмат юзасидан ўша пайтда барча амалларни ҳанафия мазҳабига биноан амалга оширганлигини кўпчилигимиз ўқиганмиз.
Айтмоқчи бўлганимиз, умумий қабристонга боришдан ташқари ўзингиз ҳурмат қилган, ихлос қўйган олимларнинг қабрини зиёрат қилишда кароҳият йўқ. Зиёратга бориш асносида сиз ўша олимга қандайдир руҳан яқинлашгандек бўласиз. Лекин бунинг ҳам ўзига яраша одоби борки, унга риоя қилмаслик катта гуноҳларга, баъзи ўринларда ширкка ҳам олиб келаётгани бор гап.
Яқинда иш юзасидан Бухорога сафар қилдик. Табиийки, бутун йўл бўйи тинимсиз гаплашиб бўлмайди. Боришда ҳам, қайтишда радио тингладик. Ҳар гал қандайдир зиёратгоҳлар ҳақидаги эшиттиришларга дуч келдик. Илгари эшитмаганимиздан, у жойларнинг номи ёдимизда қолмади. Эслай оладиганимиз у ерларнинг сувида ўзгача хислат борлиги, ичган одамларда бўладиган ўзгаришлар...
Шу лаҳзада бир нарсани тушуниб олишимиз шарт: Ислом фақат қабрлар зиёратидан иборат эмас. Биринчи навбатда иймоннинг беш шартини бажариш керак. Яъни, диннинг ўзимизга ёққан жойини ажратиб олиб, қолганини четга суришга, янада юмшоқроқ қилиб айтганда, эътиборсиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Камина юқорида тилга олинган эшиттиришларни тинглар эканман, қабристон одоби ҳақида бирор ҳадис, уламолар ҳаётидан жонли мисол айтилганини эшитмадим. Аввало шуни тушунтириш, англатиш керак эмасмикан?
Ҳозир аксар зиёратгоҳларга борар экансиз, ажойиб манзара гувоҳига айланасиз. Кўп жойларга аёлларнинг рўмолда киришига тарғиб қилиняпти, бу яхши, албатта. Аммо тиззадан бир қарич баланд бўлган, елкаси очиқ кўйлак кийиб, рўмол ўраш четдан қараганда жуда кулгили туюлади, эътибор берганмисиз? Уларга кўзимиз тушмаслиги учун ерга қараб юраверганимиздан бўйнимиз ҳам қийшайиб қолди...
Улуғ инсонларнинг қабри ёнига бориб, уни тавоф қилаётганлар ҳақида нима дейишни ҳам билмайсан киши. Бунинг ширк эканини уламоларимиз кўп бора таъкидлашганига қарамай, одамлар бу ишдан тўхтамаяптилар. Зиёратгоҳлар ҳақида тайёрланадиган аудио ва видео материалларда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаяпти. Жўн қилиб айтганда, гуноҳ қиласанми, ширк қиласанми, ўзинг биласан, бизга зиёратгоҳга келишинг ва бу ерда пул сарфлашинг муҳим дегандек иш тутиляпти.
Бу гаплар нега ёзиляпти? Йил бошидан бери юртимизга келаётган сайёҳлар сони икки борабарга ошгани ҳақида хабар қилинди. Ҳозирда мусулмон давлатларда туристларни жалб этиш бўйича жиддий ҳаракатлар қилинмоқда. У ердагиларни бизни Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби Ислом оламида катта нуфузга эга бўлган шахсларнинг авлодлари деб билади. Бироқ биз ҳозирги қилаётган ишларимиз билан уларни ҳайратга солмаймиз? Сайёҳлар ўз юртига кетаётганда буюк олимларнинг ворислари уларга муносиб бўла олмабди, ширк ботқоғига ботибди деб ўйламайдими?
Бизнингча бу борада ўйлаб кўриш вақти келди.
Абу ҲАНИФА
Manba: azon.uz