Европа Иттифоқи Тожикистон Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилганига қарамай, уни 19-20 ноябрь кунлари қабул қилганидан афсусда эканини билдирди. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) баёнотида маълум қилинди.
Тожикистон Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутига аъзо давлат ҳисобланади, шу сабабли ҳибсга олиш ордерига амал қилиши лозим.
Европа Иттифоқи Рим статути таъсирига тушадиган, бутун дунё тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигига таҳдид соладиган жиноятлар жазосиз қолмаслиги кераклигини эслатади, дея таъкидлади Брюссел.
Европа Иттифоқи барча давлатларни ХЖС билан тўлиқ ҳамкорликни таъминлашга, ордерларни тезкорлик билан ижро этишга, шунингдек, суд билан ихтиёрий келишувлар тузишга чақиради.
Баёнотда таъкидланишича, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши урушидан келиб чиқадиган барча халқаро жиноятлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва суиистеъмолликлари учун тўлиқ жавобгарликни таъминлашга қатъий содиқдир. Бундан ташқари, Брюссел жабрланувчиларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, зарарни қоплаш ва келажакда бундай жиноятларнинг олдини олиш кафолатларини қўллаб-қувватлайди.
Европа Иттифоқи ХЖС прокурори томонидан Украинада олиб борилаётган терговларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда ва Рим статутига аъзо барча давлатларни тўлиқ ҳамкорликка чақирмоқда.
Европа Иттифоқи яна бир бор ХЖСни, шунингдек, Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини маълум қилади, дейилади EEAS хабарида.